Таниқли ўзбек блогери британ элчисидан Тошкентга “Манчестер Юнайтед” жамоасини олиб келишни илтимос қилди
Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Таниқли ўзбек блогери Бахтиёр Насимов Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Жордж Эдгардан Тошкентга “Манчестер Юнайтед” жамоасини олиб келишни илтимос қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) НОН (Насимовдан янгиликлар) агентлиги хабарига асоаланган ҳолда.
Бу воқеа 23 январда британ дипломатик ваколатхонаси раҳбарининг Буюк Британия элчихонасининг 2014 йилги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани доирасида содир бўлди. Учрашувда Б.Насимов “Ишонинг, агар ёзда инглиз жамоасини ўртоқлик учрашувига олиб келсангиз сизга Тошкентда ҳайкал қўйишади. Лекин ушбу жамоа “Манчестер Юнайтед” бўлиши керак”, - деди.
Бунга жавобан жаноб элчи бир муддат ўйлаб қолди, кейин жилмайди. Бу, ёзда афсонавий инглиз жамоаси Тошкентга келишини англатадими-йўқми – буни вақт кўрсатади. Биз эса 2015 йил ёзда “Манчестер Юнайтед” Тошкентга келиб ўйнашига тилакдош бўлиб қоламиз, дейилади хабарда.


