Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида япон бизнеси иштирокидаги лойиҳалар муҳокама қилинди

Дата: 21:15, 30-09-2015.

Тошкент. 30 сентябр. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Япония парламентининг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм масалалари бўйича вазир ўринбосари Кейсукэ Сузуки бошчилигидаги делегацияси билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИАИСВ хабар қилишларича, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция ва илмий-технология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Етакчи япония компанияларининг замонавий технологиялари ва илғор тажрибаси асосида иқтисодиётнинг турли ҳил соҳаларида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Томонлар Тошкент шаҳрида ўтказилаётган шаҳар инфратузилмасини бошқариш ва ривожлантиришда юқори технологияларни жорий қилиш масалаларига бағишланган қўшма конференция, япония бизнеси иштирокида Ўзбекистонда келажакда янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда ва узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга ёрдам беради деб ишонч билдиришди.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йилнинг 26-28 январида Токиода ўзбек-япон иқтисодий ҳамкорлик қўмитасининг 12-йиғилиши бўлиб ўтди ва унда бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси қатнашди.

Йиғилиш якунлари бўйича умумий қиймати $3,8 млрдлик инвестиция, кредит келишувлари ва техник кўмак лойиҳаларини ўз ичига олган хужжатлар тўплами имзоланди. Улар электроэнергетика, нефтегаз, кимё, текстил, электротехника саноати, телекоммуникация, туризм, транспорт инфраструктураси ва бошқа тармоқларни қамраб олади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: