Ташқи сиёсий муассасада ўзбек-япон келишувларининг бажарилиши муҳокама қилинди
Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Япониянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Фумиҳико Като билан учрашув бўлиб ўтди. Унда томонлар ўзбек-япон келишувларининг бажарилиши муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ТИВ маълум қилишларича, хусусан, суҳбатда Япония Бош вазири Шиндзо Абенинг Ўзбекистонга ташрифи ва олий даражадаги музокаралар чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга қаратилган икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Япония бош вазири Синдзо Абэ ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар. Шунингдек, ташқи ишлар вазирликлари ва молия муассасалари ўртасида, энергетика, илм-фан, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Энергетика ва транспорт тизимини модернизация қилиш, минерал-хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш, автомобилсозлик, нефть-газ ва кимё саноати, телекоммуникация ва бошқа замонавий соҳаларда $8,5 млрддан ортиқ қийматдаги қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
2014 йил якунлари бўйича мамлакатларнинг ўзаро савдо айланмаси деярли $190 млнни ташкил қилди. Ўзбекистонда Япониянинг 12 компанияси ваколатхоналари мавжуд, япон капитали иштирокида 10 корхона фаолият юритмоқда.