“Tashkent Cup-2014”: Қозоғистон Озарбайжон устидан ғалаба қилди, Ўзбекистон Беларусия билан дуранг ўйнади

Дата: 13:28, 02-12-2014.

Тошкент. 2 декабр. ЎзТАГ – Куни кеча Тошкентдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида футзал бўйича “Tashkent Cup-2014” халқаро турнири бошланди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Беларусия терма жамоалари қатнашмоқдалар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақидаги маълумот Футбол федерацияси сайтида мавжуд.

Илк учрашувда Қозоғистон ва Озарбайжон терма жамоалари ўзаро баҳс олиб бордилар. Ўйин голларга бой бўлди ва Қозоғистон терма жамоаси футзалчиларининг йирик 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Қозоғистон терма жамоаси сафида асли бразилиялик бўлган Лео иккита гол уриб, учрашув қаҳрамонларидан бири бўлди.

Иккинчи учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси Беларусия терма жамоасига қарши баҳс олиб борди ва унда 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилди. Ўйин қизиқарли ва тенг курашларда кечди. Иккинчи бўлимнинг бошида терма жамоа ҳужумларидан бирини Дилшод Раҳматов 30 дақиқада гол билан якунлади. Голдан сўнг беларуслик футзалчилар олдинга ташланишди ва 4-дақиқадан сўнг ҳисобни тенглаштиришди. Ҳимоядаги хатолардан сўнг Фарҳод Абдумавлонов ҳисобига автогол ёзилди.

Бугун мусобақанинг иккинчи тури бўлади. Дастлаб, соат 16:30да Озарбайжон терма жамоаси Беларусия билан баҳс олиб борса, соат 18:30да Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистон билан ўйнайди.

Илгари ЎТАГ 2014 йилнинг 1-3 декабрида Тошкентда футзал бўйича “Тashkent Cup-2014” халқаро турнири бўлиб ўтиши ҳақида хабар қилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: