Татаристон раҳбари Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда

Дата: 12:46, 25-09-2017.

Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – Татаристон Республикаси президенти Рустам Миннихонов 23 сентябр куни Ўзбекистонга ташрифи доирасида Самарқандга етиб келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Расмий маълумотларга кўра, Самарқанд халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев кутиб олди. 

Рустам Миннихонов 24 сентябр куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди, унинг қабрига гуллар қўйди.

Татаристон Президенти буюк давлат ва сиёсат арбоби бўлган Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон Республикасининг асосчиси сифатида унинг тараққиёти йўлида улкан ишларни амалга оширган йирик тарихий шахс эканини таъкидлади.

Татаристон президенти Ўрта Осиёда қурилган биринчи масжид – Ҳазрати Хизр масжиди билан ҳам танишди. 1300 йиллик тарихга эга ушбу обиданинг яратилиши ва уни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишларга юксак баҳо берди. Меҳмон шаҳардаги Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва Мирзо Улуғбек расадхонасини томоша қилди. Татаристон президенти Сиёб деҳқон бозорига ташриф буюрди ва бу ерда ўзбек мевалари Татаристон бозорларида ҳам жуда харидоргир эканини таъкидлади. 

“Самарқандга келишни анчадан буён орзу қилардим. Ўзбекистонга ташрифим Самарқанддан бошланганидан жуда хурсандман. Бу қадимий шаҳар чиндан ҳам ер юзининг сайқали, тарихан цивилизация маркази бўлганига бугун яна бир бор амин бўлдим. Сафаримиздан жуда катта таассурот олдим”, - деб таъкидлади Рустам Миннихонов.  

Имом Бухорий мажмуаси зиёрати Татаристон президенти учун Самарқандга ташрифнинг муҳим воқеаларидан бири бўлди. Бу ерда айни пайтда мажмуа яқинида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилаётгани муқаддас ислом динининг эзгу ғоялари ва маърифий аҳамиятини ўрганиш ҳамда тарғиб этишга хизмат қилади. 

Куннинг иккинчи ярмида меҳмон Тошкентга етиб келди. У Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида мамлакатда истиқомат қилаётган татар миллатига мансуб кишилар билан учрашади, Татаристон санъат усталари иштирокидаги концерт дастурини томоша қилади. 

Ташрифнинг асосий тадбирлари 25 сентябрга режалаштирилган. Ташриф дастурига биринчи президент Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиш, Ўзбекистон – Татаристон ишбилармон доиралари вакиллари қўшма бизнес-форумида қатнашиш, турли вазирлик ва идораларида учрашувлар киритилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: