Темирйўл орқали Ўзбекистонга $1000лик товарларни божсиз олиб кириш мумкин

Дата: 09:47, 09-02-2018.

Тошкент. 9 феврал. ЎзТАГ – Темирйўл орқали Ўзбекистонга $1000лик товарларни божсиз олиб кириш мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ўзгаришлар Ўзбекистон Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан киритилган.

Ҳуқуқий маълумотлар порталида чоп этилган қарорга мувофиқ, божхона чегарасини халқаро аэропортлар орқали кесиб ўтганда $2000 миқдорида, автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтганда $300 миқдоридаги товарларни божсиз олиб ўтиш мумкин.

Бундан ташқари, эндиликда жисмоний шахслар божхона декларацияси тақдим этмасдан туриб $3000гача қийматдаги товарларни олиб чиқишлари мумкин бўлади.

Қарор билан жисмоний шахслар томонидан қатор товарларни божхона тўловларисиз олиб кириш меъёрлари ҳам тасдиқланди. Хусусан, 2 литргача алкоголь маҳсулотлари (шу жумладан, пиво), 10 қутигача барча турдаги тамаки маҳсулотлари, 3 донагача атир ва атирсимон суюқликлар, 65 гр.гача қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмларини божсиз олиб кириш мумкин.

Ҳужжатга мувофиқ, айрим турдаги товарлар учун олиб чиқишнинг энг кўп меъёрлари ҳам тасдиқланди. Энди Ўзбекистонга 3 кг.гача гуруч, 5 кг.гача нон маҳсулотлари, 2 кг.гача гўшт ва гўшт маҳсулотлари, 2 кг.гача шакар, 2 кг.гача ўсимлик ёғи, 40 кг.гача янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалар олиб кириш мумкин.

Сурат манбаи: https://ru.kyzylorda-news.kz/news/lifnews/18663-oblegchena-procedura-vvoza-tovarov-iz-kazahstana-v-uzbekistan.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: