“Термиз карго маркази” Афғонистонга маҳсулотларини учинчи мамлакатларга экспорт қилишда ёрдам беради

Дата: 14:16, 10-04-2018.

Тошкент. 10 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида Афғонистон транспорт вазири Муҳаммад Ҳамид Тахмаси билан бўлиб ўтган учрашувда транспорт соҳасидаги ўзбек-афғон келишувларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТСВ маълумотига кўра, учрашувда “Ўзавтотранс” АК, “Ўрта Осиё Транс” АЖ, “УзТрейд” ОАЖ ва “Ўзсаноатэкспорт” АЖ раҳбарлари иштирок этдилар.

Учрашувда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг 2017 йил 4-6 декабр кунлари Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳақида сўз юритилди.

Хусусан, булар яқин йилларда икки томонлама товар айланмасини $1 млрдга етказишга қаратилган савдо шартномалари ва бошқа тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш, транзит соҳасида икки мамлакат салоҳиятини кенгайтириш бўйича ишларни давом эттириш кабилардир. Учрашув якунида томонлар “Термиз карго маркази” халқаро логистика марказини Афғонистон корхоналарининг мева ва сабзавот маҳсулотларини учинчи мамлакатларга қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун саралаш ва қадоқлаш линиялари билан таъминлаш тўғрисида келишиб олдилар.

“Мозари-Шариф – Ҳирот” темир йўлининг қурилиши давом эттирилади. Бунга тегишли молия маблағлари жалб қилиш кўрсатиб ўтилди.

Янги “Тошкент - Андижон - Ўш – Қошғар” автомобиль йўлаги бўйлаб Мозори-Шарифдан афғон маҳсулотлари Ўзбекистон орқали Қошғарга (ХХР) ташилади.

Шунингдек, Uzbekistan Airways Technics авиация корхонаси афғон самолётларига техник кўмак бериш ва таъмирлаш билан шуғулланади ҳамда авиация соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлашда қатнашади.

Сурат манбаи: http://1news.uz/novaya-zheleznaya-doroga-v-afganistane-svyazhet-uzbekistan-s-iranom/

Янгилик билан ўртоқлашиш: