Термиз таркибига умумий майдони 1,5 минг гектар 8 та маҳалла ўтади

Дата: 15:39, 10-12-2019.

Тошкент. 10 декабрь. ЎзТАГ – Термиз таркибига умумий майдони 1,5 минг гектар 8 та маҳалла ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Парламент қуйи палатаси маълумотларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 9 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар "Сурхондарё вилояти Термиз тумани чегарасини ўзгартириш, Термиз шаҳри чегараларини кенгайтириш ва тасдиқлаш тўғрисида"ги масалани кўриб чиқдилар.

"Кўзда тутилаётган ўзгаришларга мувофиқ Термиз шаҳри таркибига Термиз туманидаги "Мангузар", "Чегара", "Паттакесар","Тинчлик", "Алишер Навоий", "Қўқон ота" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудлари, шунингдек, "Нурли Диёр" ва "Намуна" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудлари (умумий майдони 1561 гектар) тўлиқ ўтмоқда", – дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, лойиҳа 2019 йил 17-18 октябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган президент топшириғига асосан ишлаб чиқилган.

Асосий мақсад Термиз шаҳрининг тасдиқланган бош режаси асосида вилоят марказининг келгусидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, истиқболдаги режаларни белгилаш, аҳолининг уй-жой эҳтиёжларини қондириш, ҳудудий инфратузилмани яратиш, шунингдек, янги ҳудудда ижтимоий объектлар, маиший хизмат кўрсатиш объектларини муайян талабларга мувофиқ ташкил этишдир. Бу эса, ўз навбатида, янги иш ўринлари яратиш, бюджетга тушумлар ҳажмини ошириш имконини беради.

"Бу ўзгаришлар маҳаллий аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратиш баробарида Термиз ва Термиз туманини иқтисодий жиҳатдан бошқариш, шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади", - дея таъкидлашди депутатлар.

Сурат манбаи: triplook.me

Янгилик билан ўртоқлашиш: