Термизда француз кўчма кўргазмаси бўлиб ўтмоқда
Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ – Термиз археология музейида Ўзбекистондаги Франция элчихонаси томонидан ташкил этилган кўчма кўргазма бўлиб ўтмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Кўргазманинг очилиши Бактрианага бағишланган иккинчи француз-ўзбек симпозиумининг ўтказилиши билан тўғри келди. Ушбу тадбир Термизда 16-17 сентябр кунлари бўлиб ўтди. Симпозиум Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Археология Институти, Термиз Давлат университети, Термиз Археология музейи, Шимолий Бактриана француз-ўзбек археологик миссияси томонидан Ўзбекистондаги Франция элчихонаси кўмагида ташкил қилинди”, - деб таъкидлашди Ўзбекистондаги Франция элчихонасида.
Экспозициянинг очилиш маросимида Ўзбекистондаги Франция элчихонаси маданият ва ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси Оливье Гийом, Шимолий Бактриана француз-ўзбек археологик миссиясининг француз томонидан директори Пьер Леришлар қатнашди.
Эслатиб ўтамизки, кўргазма археология ва меросни сақлаш бўйича француз-ўзбек ҳамкорлигининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилмоқда.
Термизга қадар кўчма кўргазма Самарқанддаги “Афросиёб” музейида, кейинчалик Бухоро Тасвирий санъат музейида намойиш этилди.