Термизда янги автовокзал очилди
Тошкент. 30 август. ЎзТАГ – Термиз шаҳрида янги автовокзал фойдаланишга топширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг хабарига кўра, умумий қиймати 1,3 млрд сўм бўлган автовокзал “Бойсун-Сариосиё” МЧЖ томонидан қурилди.
Қурилишда асосан мамлакатда ишлаб чиқарилган материаллардан фойдаланилди.
Бу ерда йўловчилар учун алоҳида кутиш жойи, махсус оналар ва болалар хонаси, тиббий хизмат кўрсатиш шахобчалари ташкил этилган. Автовокзал Тошкент, Самарқанд, Қарши шаҳарларига ва вилоятнинг барча туманлари билан боғловчи йўловчи ташиш йўналишларида транспорт хизмати кўрсатади. Бундан ташқари йўналишсиз таксилар хизматидан ҳам фойдаланиш учун алоҳида қулайликлар барпо этилган.
Эслатиб ўтамизки, вилоятда бугунги кунда 9 та автовокзал, лицензияланган 293 та автобусга эга 133 та корхона, 119 та йўловчи ташиш йўналишларида, 53 та микроавтобус, 2754 та “Дамас”, сариқ рангга бўялган махсус давлат рақам белгиларига эга 1395 та йўналишсиз таксилар фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларига асосан Сурхондарё вилоят автокорхоналарига жами 186 та, шундан 2017 йилда 104 та, 2018 йилда 82 та “ИСУЗУ” русумли янги автобуслар сотиб олиш учун тўловларни амалга ошириш белгиланган. Хозирги кунда 47 та янги автобусга пул ўтказилиб, шундан 4 таси олиб келинди. Қолган автобуслар эса режага мувофиқ сотиб олиниши кўзда тутилган.