Тез орада Уммонда Ўзбекистон элчихонаси очилади
Тошкент. 20 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистонга икки томонлама музокараларда иштирок этиш учун келган Уммон ТИВ бош котиби Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақида ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
“Учрашувда барча соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришдан томонлар манфаатдорлиги ҳамда бунинг учун зарур салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Ушбу масалалар Умоннинг Тошкентдаги элчихонаси ва тез орада Маскатда очилувчи Ўзбекистон элчихонаси фаолиятининг асоси бўлиши лозимлиги таъкидланди”, - дейилади хабарда.
Муассаса маълумотига кўра, томонлар Ўзбекистан Фанлар Академияси қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг Ўмон молиявий ва консултатив кўмаги асосида қурилиб, жиҳозланаётган янги биноси маданий-гуманитар соҳадаги икки томонлама самарали алоқаларнинг ёрқин тимсоли эканлигини эътироф этдилар.
Суҳбат давомида халқаро сиёсатнинг долзарб жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, шу куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Ўмон вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди доирасида икки томон кун тартибининг асосий масалалари турли соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўзаро қизиқиш мавжудлиги нуқтайи назаридан батафсил муҳокама қилинди.
“Маслаҳатлашувларда Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон транспорт коридори механизмларининг ишга туширилиши нуқтайи назаридан транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди”, - деб хулоса қилинади хабарда.