Тез орада “Ўзбеккино” агентлиги “Безавол дунё” хужжатли фильмини суратга олишни бошлайди

Дата: 14:11, 18-12-2014.

Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ – Тез орада “Ўзбеккино” Миллий агентлиги (МА) “Безавол дунё” хужжатли фильмини суратга олишни бошлайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбеккино МА сайтидаги маълумотга кўра, жорий йилнинг 15 декабрида агентлик қошидаги Бадиий кенгаш Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллиги олдидан унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Безавол дунё” ҳужжатли фильмини тасвирга олиш ҳақида қарор қабул қилган.

“Шоиранинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш” вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорида белгиланган эди”, – деди Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар сценарийларини тайёрлаш бўлими бош муҳаррири Комилжон Шамсиддинов.

Шунингдек, у ушбу ҳужжатли фильмни ишлаб чиқариш ишлари Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида бошланишини ҳам қўшимча қилди.

К.Шамсиддиновнинг сўзларига кўра, айни пайтда Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар киностудиясида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига кўра, “Ўғлонлар”, “Гирдоб”, “Қадриятлар қадрланган юрт” ва бошқа яна бир қанча ҳужжатли фильмлар устида ҳам иш олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: