Ўтган ҳафта 216 ёнғинда 3 киши ҳалок бўлиб, 5 киши турли даражадаги тан жароҳати олди

Дата: 16:44, 29-10-2015.

Тошкент. 29 октябр. ЎзТАГ - Ўтган ҳафта 216 ёнғинда 3 киши ҳалок бўлиб, 5 киши турли даражадаги тан жароҳати олди, деб хабар қилади Ўзбекистон ИИВ Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси (ЁХББ).

“Ёнғин бўлинмаларининг оператив ҳаракатлари натижасида ушбу ёнғинларда 325 млн сўмдан ортиқ қурилиш конструкциялари ва 1,19 млрд сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинди”, - дейилади ЁХББ хабарида.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош шаҳрида яшовчи фуқаро Ф.Элдаровнинг уйида электр иситиш мосламасидан фойдаланилиб, назоратсиз қолдирилиши оқибатида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 45 кв метр майдонда том қисми ҳамда қўшнисининг уйини 85 кв метр майдонда том қисми ёниб зарарланган.

Шунингдек, Жиззах вилояти Арнасой туманида яшовчи фуқаро Б.Отабековнинг уйида очиқ оловдан фойдаланишда эхтиётсизлик оқибатида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 70 кв метр майдонда том қисми ёниб зарарланган.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро В.Иванова уйида тўшакда сигарета чекиб ухлаб қолиши натижасида 30 кв метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жихозлари ёниб зарарланган. Ёнғин ўчириш вақтида уй эгаси куйган ҳолдаги жасади топилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: