Ўтган ҳафта “Тошкент” фонд биржасининг айланмаси 5,47 млрд сўмни ташкил қилди

Дата: 17:17, 15-04-2015.

Тошкент. 15 апрел. ЎзТАГ – 6-10 апрелда “Тошкент” Республика фонд биржасининг (РФБ) айланмаси 5,47 млрд сўмни ташкил этиб, бундан олдинги ҳафтадаги кўрсаткичдан 5,3 бараварга кўпайди (1,03 млрд сўм), дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Фонд биржаси матбуот хизмати хабарига кўра, биржа умумий айланмасида иккиламчи бозор улуши 95,5% (5,223 млрд сўмни), бирламчи бозор улуши 4,5% қилди.

Жами ушбу муддатда “Тошкент” РФБ 8 акционерлик компанияларининг 15 млн акциялари сотилди. Уларнинг асосий қисми (75,5% ёки 4,125 млрд сўми) молия соҳаси корхоналари, хусусан, биржа листинги “А” тоифасига кирувчи банклар ҳисобига тўғри келмоқда. Ўтган даврда энг йирик битимлар “Asia Alliance Bank” (3,565 млрд сўмлик) қимматли қоғозлари билан ўтказилди.

Ҳудудий кесимда энг кўп битимлар Тошкент шаҳри (4,13 млрд сўм,75,6%) ва Навоий вилояти (1,13 млрд сўм, 24,4%) корхоналари ҳиссасига тўғри келди.

Жами 2015 йил бошидан бери “Тошкент” РФБ умумий қиймати 60,98 млрд сўм бўлган битимлар тузилди. Бу эса, ўтган йилнинг муқобил давридагига қараганда тўрт бараварга кўп (16,07 млрд сўм). Биржа бозори таркибида иккиламчи бозор 84% (51,41 млрд сўм) билан етакчилик қилмоқда. Тижорат банклари ҳиссасига биржа айланмасининг 94% тўғри келди.

$1 = 2501,87 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: