Ўтган ҳафта Ўзбекистонда 134 ёнғин натижасида 2 киши ҳаётдан кўз юмди ва 2 киши жабрланди
Тошкент. 31 март. ЎзТАГ – 21-27 мартда Ўзбекистонда 134 ёнғин натижасида 2 киши ҳаётдан кўз юмди ва 2 киши жабрланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ИИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“Ёнғин бўлинмаларининг оператив ҳаракатлари натижасида ушбу ёнғинларда 339 млн сўмдан ортиқ қурилиш конструкциялари ва 733 млн сўмга яқин моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ёнғинлар асосан бепарволик ва эътиборсизлик туфайли содир бўлмоқда.
Хусусан, Наманган вилояти Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Р.Ринатовнинг уйида электр иситиш мосламасидан фойдаланилиб, назоратсиз қолдирилиши оқибатида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 1 кв метр майдонда кўрпа-тўшаги ёниб зарарланган. Ёнғинни ўчириш вақтида уй эгасинининг куйган ҳолдаги жасади топилган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Шайхонтохур туманида яшовчи фуқаро Г.Бахтиёровнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 90 кв. метр майдонда томи ва шифт қисми ёниб зарарланган.
Шунингдек, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида яшовчи фуқаро Д.Раджабовнинг уйида электр симларнинг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 80 кв метр майдонда томи ва шифт қисми ёниб зарарланган.