Ўтган ҳафтада “Тошкент” фонд биржасининг умумий айланмаси 43% ўсди

Дата: 22:58, 21-04-2015.

Тошкент. 21 апрел. ЎзТАГ – 13-17 апрел кунлари “Тошкент” Республика фонд биржасининг (РФБ) умумий айланмаси 9,73 млрд сўмни ташкил қилиб, ундан олдинги ҳафтадагига қараганда (5,47 млрд сўм) 43% кўпайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биржа матбуот хизмати маълумотларига кўра, умумий биржа савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг улуши 93% (9,72 млрд сўм), бирламчи бозор улуши эса 7% (0,7 млрд сўмни) ташкил этди.

Анъанавий равишда, умумий биржа савдо айланмасининг асосий қисми молия хизмати соҳасидаги компанияларнинг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлар ҳажмига тўғри келиб, у 99,9% ёки 9,72 млрд сўмни ташкил қилди.

Брокерлик идоралари орасида “Full Stock Group” (умумий айланманинг 49%), “Alp omad invest” (28%), “Portfolio Investments” (21%) етакчилик қилдилар.

Биржа битимларининг энг юқори ҳажми, яъни 99,9% ёки 9,72 млрд сўми Тошкент шаҳридаги корхоналар акциялари ҳиссасига тўғри келди.

2015 йил бошидан буён “Тошкент” РФБ савдоларида умумий қиймати 70,71 млрд сўмлик битимлар тузилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичларга нисбатан деярли 4 маротабага кўп демакдир (18 794,5 млн сўм). Савдо айланмасида иккиламчи бозор улуши 85,5 %ни (60 43 млрд сўм) ташкил этди.

2015 йил 1 январидан буён тузилган биржа битимларининг энг юқори ҳажми, яъни 96% (67 58 млрд сўм) Тошкент шаҳридаги акциядорлик жамиятлари ҳиссасига тўғри келмокда. Кейинги ўринларда Андижон ва Навоий вилоятлари бормоқдалар.

$1 = 2507,40 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: