Ўтган йилда “Ўзбекистон темир йўллари” йўловчилар ташишни 4% кўпайтирди

Дата: 09:44, 22-02-2017.

Тошкент. 22 феврал. ЎзТАГ – 2016 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси 21,1 млндан зиёд йўловчилар ташиб, бу кўрсаткични 4% кўпайтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2016 йилда 68 млн тонна юклар ташилди. Ҳисобот даврида ширкат таркибига кирувчи саноат корхоналарида 422,5 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, 2,3 минг атрофида иш жойи яратилди, ишчилар умумий сони 70 мингдан ошди”, - деб таъкидлади Тошкентдаги матбуот анжуманида компаниянинг бош бошқарувчи ва инженери Ҳуснитдин Ҳосилов.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йилда инвестиция дастури доирасида $820 ортиқ маблағлар ўзлаштирилди. Натижада узунлиги 123,2 километрни ташкил этувчи “Ангрен–Поп” электрлаштирилган темир йўли ва узунлиги 19,2 километрни ташкил этувчи “Қамчиқ” туннелининг қурилиши тўлиқ тугатилди.

 Ўтган йилнинг 11 июлидан бошлаб, мазкур янги темир йўл орқали Фарғона водийсига ҳамда у ердан республиканинг бошқа худудларига юк поездлари қатнови йўлга қўйилди. Мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги байрами арафасида эса Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишида биринчи йўловчи поезди қатновини бошлади. Бугунги кунда ушбу йўналишда ҳар куни икки мартадан замонавий тезюрар йўловчи поезди аҳолига хизмат кўрсатаяпти.

Янгилик билан ўртоқлашиш: