Ўтган йилда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан 2,5 тоннадан зиёд наркотик моддалар мусодара қилинди
Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан оператив профилактика тадбирлари натижасида 2,5 тоннадан зиёд наркотик моддалар мусодара қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Наркотиклар устидан назорат қилиш бўйича миллий ахборот-таҳлил марказидан маълум қилишларича, кўрилаётган чоралар натижасида Ўзбекистонда наркожиноятлар сони озаймоқда.
1995 йилда республика БМТ Наркотик моддалар ва психотроп воситаларнинг ноқонуний айланмасига қарши Конвенциясига қўшилди.
Ўзбекистонда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича давлат тизими шакллантирилган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Наркотиклар устидан назорат қилиш бўйича миллий ахборот-таҳлил маркази ташкил қилинган.
Наркотикларнинг тарқалиши ва ноқонуний айланмасига қарши кураш соҳасида халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, БМТ наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи, ШҲТ билан ҳамкорлик қилинмоқда.
2004 йилда Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Наркотик моддалар ва психотроп воситаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш ҳақида келишув имзоланган.