The Wall Street Journal газетаси Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги ўзгаришларнинг “ҳаракатлантирувчи кучи” деб ҳисоблайди

Дата: 17:27, 09-10-2017.

Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ – Американинг The Wall Street Journal газетаси Ўзбекистоннинг янги минтақавий курсига бағишланган мақолада мамлакатни Марказий Осиёдаги ўзгаришларнинг “ҳаракатлантирувчи кучи” деб атади, деб ёзади ЎзТАГ.

Ўзбекистон ТИВ ҳузуридаги “Жаҳон” АА маълумотига кўра, бу The Wall Street Journalдаги кейинги ойдаги Ўзбекистонга доир иккинчи катта мақоладир.

Мақола муаллифи Ярослав Трофимов Собиқ Иттифоқдан сўнг тез-тез рақобатга киришган, баҳсли чегараларга эга Марказий Осиё бугун бу ерда ўн йиллар давомида кузатилмаган аввалги келишмовчиликларни ҳал этиш ва ҳамкорликнинг янги даражасини ўрнатиш сари интилаётганлигини қайд этиб ўтади. Таъкидланишича, Марказий Осиё аҳолисининг 45%и истиқомат қилаётган ва минтақанинг барча мамлакатларига кучли таъсир кўрсатиш имкониятига эга Ўзбекистоннинг янги минтақавий қарашлари ўзгаришларнинг асосий ва ҳаракатлантирувчи кучидир. “Марказий Осиёни ўзбек дипломатиясининг асосий устувор йўналиши эканини белгилаб берган Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий фаолиятига юқори баҳо берилган”, - дейилади хабарда.

Журналист Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқидаги “Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир… Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, - деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Муаллифга кўра, минтақадаги ҳал қилувчи мамлакат бўлган Ўзбекистоннинг дадил ва фаол одимлари “Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантиришда ижобий таъсир кўрсатади. Бу ўтмишда зўравонлик экстремизмининг бўй кўрсатиши учун сабаб бўлган миллатлараро кескинликнинг пасайишига ҳам хизмат қилиши мумкин”.

Муаллиф Ўзбекистон Президентининг бир неча ҳафта муқаддам қўшни Қирғизистонга боргани, унинг сўнгги йиллардаги илк юқори даражали ташриф бўлганини эслаб ўтади. Мақолада Тожикистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратилади. Муаллифнинг таъкидлашича, 2017 йилда 25 йил ичида илк бор Тошкент ва Душанбе ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани айтиб ўтилади.

 Эслатиб ўтамизки, The Wall Street Journal ҳар куни 1,2 млн нусхада чоп этилувчи газетадир. Нашр сайтининг ойлик аудиторияси 42 млн интернет-ўқувчини ташкил этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: