ТИКА Ўзбекистонда $23,6 млнлик 700 атрофида грант лойиҳаларини амалга оширди

Дата: 14:12, 20-12-2017.

Тошкент. 20 декабр. ЎзТАГ – Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) Ўзбекистонда $23,6 млнлик 700 атрофида грант лойиҳаларини амалга оширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, ушбу маълумотлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 декабр куни Ўзбекистонга ташриф буюрган TIKA президенти Сердар Чамни қабул қилган чоғида келтирилди.

“Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, жорий йилнинг 25-26-октябр кунлари Туркияга амалга оширилган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни стратегик ҳамкорлик даражасига олиб чиққанини мамнуният билан таъкидлади. Туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда савдо, саноат, инвестиция, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда истиқболли дастур ва лойиҳалар амалга оширилаётгани ижобий баҳоланди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш, бу борада TIKAнинг Ўзбекистондаги фаолиятини аниқ лойиҳалар асосида ва тизимли равишда ривожлантириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Бу борада “йўл харитаси”ни қисқа муддатда ишлаб чиқиб, уни амалга оширишга киришиш муҳимлиги, шу муносабат билан, иқтисодий, маданий, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, туризм ва ижтимоий аҳамиятга молик бошқа қатор соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳа ва дастурлар ҳажмини бир неча баробар кўпайтириш бўйича келишиб олинди.

“TIKA раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда ушбу мамлакат бош вазири Бинали Йилдиримнинг эзгу тилакларини етказди. Сердар Чам Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини, бу йўлда бор куч-ғайратини сафарбар этган ҳолда, уларни ҳаётга ўз вақтида ва самарали татбиқ этишга Туркия томони тайёр эканини билдирди”, - дейилади хабарда.

Сурат манбаи: фото из открытых источников

Янгилик билан ўртоқлашиш: