ТИВ Каталониядаги терактлар натижасидаги қурбонлар ва жабрланганлар орасида ўзбек фуқаролари йўқлигини маълум қилди
Тошкент. 18 август. ЎзТАГ – Каталониядаги терактлар натижасидаги қурбонлар ва жабрланганлар орасида ўзбек фуқаролари йўқ, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
“Ўзбекистоннинг Мадрид шаҳридаги Элчихонаси дастлабки маълумотига кўра 2017 йил 17 августда Каталонияда (Испания) юз берган терактлар оқибатида қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ”, - дейилади жума кунги хабарда.
Таъкидланишича, элчихона Испания Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.
Эслатиб ўтамизки, 13 киши Барселонадаги теракт қурбони бўлди, 120 ортиқ киши жабрланди.
Улар орасида Франция, Германия, Испания, Голландия, Аргентина, Венесуэла, Бельгия, Австралия, Венгрия, Перу, Шимолий Ирландия, Греция, Куба, Македония, Хитой, Италия, Руминия ва Жазоир фуқаролари бор. Бельгия фуқаросининг вафоти расман тасдиқланган.
Хужум 17 август кун кечқурун маҳаллий вақт билан 17.05да Барселона марказидаги Рамбла кўчасида содир бўлган. Аввал катта йўлдан ҳаракатланган оқ микроавтобус кўчанинг йўловчилар юришига мўлжалланган томонида ўтиб кетиб, одамлар устига бостириб кирган ва 600 метр юрган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу ҳодисани теракт сифатида баҳолашган. Ҳодиса учун жавобгарликни “Ислом давлати” террористик ташкилоти олган.
Ҳодиса муносабати билан Испания ҳукумати мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди.