ТИВ раҳбари Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ўзгаришсиз қолиши ва мамлакат қўшни давлатлар билан янада яқинлашишини маълум қилди

Дата: 18:44, 09-12-2016.

Тошкент. 9 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ЕХҲТ ТИВ Кенгашининг 23-учрашувида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ўзгаришсиз қолиши ва мамлакат қўшни давлатлар билан янада яқинлашишини маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон ташқи сиёсатида ўз манфатларидан келиб чиққан ҳолда, БМТ низоми, ЕХҲТ Хельсинки якуний актида қайд этилган халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва Ўзбекистон Конституциясида белгилаб қўйилган меъёрлар ва бошқа зиммасига олган халқаро ҳуқуқ мажбуриятларига риоя қилишга содиқ қолади”, - деди у 8 декабрда Гамбургда (Германия) қилган маърузасида.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон, шунингдек, бошқа давлатларнинг ички ишига аралашмаслик, юзага келадиган зиддиятларни тинч, сиёсий музокаралар йўли билан ҳал этиш тарафдори бўлиб қолади. “Бундан ташқари, республика ҳар қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмаслик, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштирмаслик, ўз ҳарбийларини мамлакат ташқарисига сафарбар қилмаслик борасида принципиал ва ягона қарорни қабул қилган”, - деб таъкидлади у.

“Шу билан бирга, Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси энг асосий ўрин эгаллайди. Яъни ўзининг яқин қўшниларига нисбатан яхши қўшничилик ва прагматик сиёсат юритиш тарафдори бўлиб қолади”, - деб таъкидлади Камилов.

Эслатиб ўтамизки, ЕХҲТ ТИВ Кенгаши – Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлари вазирлиранинг йиллик учрашувидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: