ТИВ Туркиядаги ёки у ерга ташриф буюришни режалаштирган ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Тошкент. 23 октябрь. ЎзТАГ – Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) Туркиядаги ёки у ерга ташриф буюришни режалаштирган ўзбекистонликларни огоҳлантирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Ўзбекистонликларнинг Туркия божхона ва чегара назорати пунктларида, хусусан, аэропортларда тамаки ва алкогол маҳсулотларни Туркия ҳудудига белгиланган нормалардан ошиб кетадиган миқдор ва ҳажмларда олиб киришга уриниш фактлари бўйича ушланганлик ҳолатлари кўпайди. ( ... ) Бундай фактлар контрабанда ҳисобланиб, олти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва маъмурий жарима тўлаш қўлланилади", – дейилади хабарда.
Қайд этилганидек, суднинг якуний қарори қабул қилинишидан ва суд ҳукми чиқарилгунгача Туркия ташқарида депортация қилинган фуқаролар қидирувда бўлганлар сифатида Туркиянинг тегишли ваколатли органлари маълумотлар базасига киритилади ва мамлакат чегарасидан кесиб ўтилган тақдирда ҳибсга олиниши лозим.
Шу муносабат билан ТИВ фуқароларни тамаки, спиртли ичимликлар ва бошқа маҳсулотларни импорт қилиш бўйича Туркиянинг божхона қоидаларига риоя қилишга чақиради.
Туркия қонунчилигига кўра, 18 ёшдан ошган йўловчилар божхона тўловларини тўламасдан 600 дона сигарета, 100 дона сигариллалар( ҳар бир сигарилнинг оғирлиги 3 граммдан ошмаслиги керак), 50 дона сигара, 250 гр бурама тамаки (200 та сигарет қоғози билан бирга), 1 литр таркибида 22% алкоголь бўлган ичимлик, 2 литр таркибида 22% дан ошмаган алкоголь ичимлик олиб ўтишлари мумкин.
Косметик маҳсулотларнинг умумий ҳажми 600 милилитрдан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, чой, эрийдиган қаҳва, қаҳва, шоколад ва ширинликларнинг ҳар бири бир килограммдан ошмайдиган миқдорда божсиз олиб киришга ҳам рухсат этилади.
Сурат манбаи: zen.yandex.ru