ТИВ Жанубий Кореяга кетаётган ўзбекистонликларни гўшт-сут маҳсулотларини олиб кетиш тақиқланганлиги тўғрисида огоҳлантирди

Дата: 15:35, 28-06-2019.

Тошкент. 28 июнь. ЎзТАГ – ТИВ Жанубий Кореяга кетаётган ўзбекистонликларни гўшт-сут маҳсулотларини олиб кетиш тақиқланганлиги тўғрисида огоҳлантирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Корея Республикасининг карантин ҳамда ҳайвон ва ўсимликлар инспекцияси агентлиги мамлакатда Африка чўчқа гриппи ва парранда гриппи тарқалишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлари доирасида 2019 йилнинг 1 июнидан бошлаб мамлакатга гўшт маҳсулотларини олиб киришни тақиқлади", - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, гўшт ва гўшт маҳсулотлари (мол гўшти, чўчқа гўшти, товуқ, ветчина, сосиска/колбаса, қуритилган гўшт, қайнатилган гўшт, консервалар ва ҳ. к.), ҳайвон маҳсулотлари (буғу шохлари, суяклар, патлар ва ҳ. к.), сут маҳсулотлари (сут, пишлоқ, сариё ва ҳ. к.), тухум ва тухум маҳсулотлари (товуқ ва қуш тухумлари, тухум оқи, тухум кукуни ва ҳ. к.) ва уй ҳайвонлари учун озуқа, егулик, озиқ-овқат қўшимчалари ва ҳ. к.олиб ўтиш тақиқланади.

Қайд этилганидек, Корея Республикасига юқорида кўрсатилган гўшт маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга уриниш бўлган тақдирда, 5 миллион Корея вони ($1=1155,57 вон) миқдорида жарима солинади. Жарима тўланмаслиги мамлакатга 5 йил муддатга қайта кириш тақиқланишига олиб келади.

Сурат манбаи: mfa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: