ТИВда БМТ бош котибининг Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди

Дата: 15:51, 10-07-2015.

Тошкент. 10 июл. ЎзТАГ – Кеча Ташқи ишлар вазирлигида БМТ мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ хабар қилишларича, томонлар БМТ бош котиби Пан Ги Муннинг 11-12 июндаги Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, бошқа масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамизки, Пан Ги Муннинг ташрифи доирасида у Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан учрашди. Учрашувларда томонлар кенг кўламдаги масалалар, хусусан, Орол денгизи фожеаси оқибатларини енгиллаштириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқдилар.

БМТ Ахборот маркази маълумотига кўра, Тошкентдаги матбуот анжуманида БМТ бош котиби ташкилот Ўзбекистоннинг Орол таназзулидан азият чекканларга ёрдам бериш ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, у мазкур муаммо Марказий Осиёнинг умумий муаммоларидан бири эканлигини айтиб ўтиб, барча мавжуд масалалар юзасидан ҳудудий ҳамкорлик ва превентив дипломатиянинг муҳим роли ҳақида ҳам таъкидлаб ўтди.

Шунинингдек, Пан Ги Мун яқинда Ўзбекистон ҳукумати билан БМТ тизими ўртасида мамлакатга инсон ҳуқуқлари соҳасида кўмак бериш ҳақидаги бошланғич келишувнинг имзоланганлигини қутлади. У Ўзбекистон Минг йиллик мақсадларига эришиш бўйича кўзга кўринарли ютуқларга эришганлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: