ТИВда европарламентарийлар гуруҳи раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент. 3 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Монголия билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Ивета Григулени қабул қилди, деб хабар беради ўзбек ташқи сиёсий муассасаси матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, И.Григуле Тошкентга “Ўзбекистон – Европа Иттифоқи” парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 12-ялпи мажлисини ўтказиш учун келган.
“Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг ажралмас ва муҳим қисми сифатида Олий Мажлис палаталари ва Европарламент ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Шундан кейин қайд этилишича, томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро алоқаларнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш ҳисобига кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги таъкидлаганлар.
Учрашувда ЕИ Делегацияси раҳбари, Элчи Эдуардс Стипрайс иштирок этди.