ТИВда Савдо ва саноат бўйича ўзбек-британ кенгаши ҳамраиси билан учрашув бўлиб ўтди
Тошкент. 22 ноябр. ЎзТАГ – Кеча 21 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгаши (ССЎБК) ҳамраиси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Барбара Логан Ҳейни қабул қилди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Ташқи сиёсий муассаса маълумотларига кўра, Барбара Логан Ҳей ССЎБКнинг 23-мажлисида иштирок этиш учун Буюк Британия бизнес вакилларидан иборат нуфузли делегацияга бош бўлиб мамлакатимизга келган.
“Мулоқот давомида савдо-иқтисодий соҳадаги иккитомонлама муносабатларнинг долзарб масалалари Ўзбекистон-Британия кун тартиби нуқтайи назаридан муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Барбара Логан Ҳей Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ССЎБКнинг 23-мажлиси ҳамда Ўзбекистоннинг қатор вазирлик ва идораларидаги учрашувлар якунлари тўғрисида сўзлаб берди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда ССЎБК савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришнинг самарали механизмларидан бири ҳамда икки давлат ишбилармон доиралари ҳамкорлигининг муҳим платформаси ҳисобланади.
Суҳбат давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.