ТИВда ўзбек-британ ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди

Дата: 22:03, 18-01-2016.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Кристофер Аллан билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ТИВ маълум қилишларича, суҳбат чоғида 2016-йилда ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига урғу берган ҳолда икки томонлама муносабатлар батафсил кўриб чиқилди.
Парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётига илғор технологияларни жалб қилиш учун икки давлат ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш бўйича таклифлар атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги, жумладан Ўзбекистон ва Буюк Британия илмий ва таълим муассасалари ўртасидаги алмашинувларни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида, ТИАИСВ маълумотларига кўра, Буюк Британия Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкорларидан биридир. 2014 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси $106 млндан зиёдни ташкил қилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: