Тошкент 17 мамлакат болалар театрларининг мутахассисларини тўпламоқда

Дата: 11:31, 13-02-2019.

Тошкент. 13 феврал. ЎзТАГ – 15 февралдан Тошкентда Болалар ва ёшлар учун театрлар халқаро уюшмасининг (АССИТЕЖ) учрашуви бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ASSITEJ Asia Meeting 2019нинг биринчи йиғилишида 17 мамлакат, жумладан, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Озарбайжон, Бельгия, Грузия, Исроил, Покистон, Россия, Эрон, Шри-Ланка ва қўшни давлатлардан 23 нафар мутахассис иштирок этади. Ҳозирги аъзолардан ташқари, уюшма аъзолигига қабул қилиш учун ариза топширган Мўғулистон, Беларусдан таклиф қилинган мутахассислар ҳам бор.

Мутахассислар Ўзбекистонда тўрт кун ўтказадилар, спектакллар томоша қиладилар, болалар театри соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қиладилар, Тошкентнинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюрадилар. Учрашувда хорижий мутахассислар билан бир қаторда маҳаллий мутахассислар – бутун Ўзбекистондан ташриф буюрган болалар театрлари раҳбарлари иштирок этадилар.

ASSITEJ Asia Meeting 2019 доирасида болалар ва ёшлар театрларининг 5 та спектакллари намойиш этилади, болаларга кўрсатиладиган томошалар учун ёш мезонларини аниқлаш бўйича семинар ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистон Ёш томошабинлар давлат театри АССИТEЖга аъзо бўлди. Ёшлар театри базасида “АССИТEЖ Ўзбекистон” уюшмасининг Миллий маркази ташкил этилди. У Ўзбекистон миллий театрларини бутун дунё театрлари билан боғлаши кутилмоқда.

 

Сурат манбаи: nuz.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: