Тошкент аҳолиси бир асрлик чинорларнинг кесиб ташланишига қарши петицияга имзо йиғишни бошладилар

Дата: 16:24, 26-01-2016.

Тошкент. 12 январ. ЎзТАГ - Тошкент аҳолиси бир асрлик чинорларнинг кесиб ташланишига қарши петицияга имзо йиғишни бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Истаган киши қўшилиши мумкин бўлган петиция Сhange.org платформасида жойлашган бўлиб, Тошкент ҳокими Рахмонбек Усманов, мамлакат Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бошлиғи Бахтиёр Абдусаматов ва Экологик ҳаракат спикери ўринбосари Борий Алихоновга қаратилган.

“Ҳозирда Ўзбекистонда чинорлар кесиб ташланмоқда. Унинг ўрнини ҳеч бир дарахт боса олмайди. Осиё чинорининг бўйи 35-40 метрга етади, сояси эса қалин бўлиб, қуёшдан ҳимоя қилади. Чинор юз йиллаб яшайди. Қурт-қумурсқалар унинг ёғочини кемира олмайдилар ва ушбу дарахт кўп сув талаб қилмайди. Ҳозирда Тошкент асфальт-бетон саҳрога ўхшаб қолди. Чинор ўрнига арча ва импорт ўсимликлар экилмоқда. Улар кўп сув талаб қилади, соя бермайди. Тошкентда чинорларнинг кесиб ташланишини тўхтатиб қолишингизни сўраймиз”, – дейилади петиция матнида.

Петиция 2016 йил 25 январда яратилган бўлиб, ҳозиргача уни 1436 киши имзолаган.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йил охири ва янги йилдан сўнг Тошкент кўчаларида кўп йиллик дарахтлар, асосан чинорларни кесиб ташлаш бошланган эди. Бу ҳол уларнинг чириб кетгани ва авария ҳолатидалиги билан изоҳланмоқда. Маълумотларга кўра, чинорлар ўрнига уларга яқин хусусиятларга эга дарахтлар экилади. Лекин бунга доир бирор расмий маълумот йўқ.

Янгилик билан ўртоқлашиш: