«Тошкент» аэропортида юкларни автоматик сканлаш тизими жорий этилди

Дата: 15:02, 16-08-2016.

Тошкент. 16 август. ЎзТАГ – “Тошкент” халқаро аэропортида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида юкларни автоматлаштирилган ҳолда сканлаш тизими жорий этилди. Янги тизим юкларни йўловчиларга етказиб бериш вақтини сезиларли даражада қисқартирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Янги автоматлаштирилган тизим жорий йилнинг апрел ойида жорий этилган бўлиб, қисқа вақт мобайнида ижобий натижа берди. Хусусан, юкларни кутиб туриш вақти сезиларли даражада қисқарди, йўловчиларнинг юклари йўқолгани, зарарлангани ва ёки етишмаётгани ҳақидаги мурожаатлари сони ҳам камайди”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон миллий авиакомпаниясида.

Ушбу тизим, тўлиғича маҳаллий дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, жаҳон меъёрларига тўлиқ мос келади. У аэропорт видеокузатув тармоғи билан боғланган ва эндиликда исталган юк қаерда эканини аниқлаш ва унга кимлар тегинганини аниқлаш имкони мавжуд.

Бугунги кунда, юкларни автоматик равишда скан қилиш ва ҳисобга олиш ишлари фақат аэропортга қўнган самолётларда олиб борилмоқда, лекин тизимни учаётган парвозларга нисбатан қўллаш борасида ишлар бошланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: