Тошкент Аграр университети талабалари ОТМ атрофида кўплаб қуш уялари ўрнатдилар

Дата: 10:56, 06-04-2016.

Тошкент. 6 апрел. ЎзТАГ – Тошкент Аграр университети талаба ва ўқитувчилари Халқаро қушлар кунини таълим муассасаси атрофида кўплаб янги қуш уялари ўрнатиш билан нишонладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан хабар қилишларича, ушбу сунъий ёғоч қуш уйлари Murad Buildings девелоперлик компанияси томонидан тақдим этилди.

Эко-акция доирасида талабалар учун Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси генофонди институти ходимлари томонидан маҳорат дарси ҳам ўтказилди. Тақдимот шаҳар қушлари, уларнинг ўзига хосликлари, ушбу паррандалар учун уйлар қуриш уқувларига бағишланди.

Ўрнатилган барча қуш уялари дарахтларга зиён бермайдиган махсус симлар ёрдамида маҳкамланди. Натидажа университетнинг парк ҳудудида 15 янги сунъий қуш уялари пайдо бўлди.

Талабалар ушбу уяларга қушлар тезроқ келишига, уларнинг ўқув юртлари ҳудуди қушлар учун қулай бир манзилга айланишига умид билдирдилар.

Эслатиб ўтамизки, Халқаро қушлар куни анъанавий равишда 1 апрелда нишонланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: