Тошкент ахборот технологиялари университетига ал-Хоразмий номи берилди

Дата: 15:10, 16-03-2017.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Тошкент ахборот технологиялари университетига Муҳаммад ал-Хоразмий номини бериш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). 

Шунингдек, давлат раҳбари жорий йилда университетда иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳаларида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам алоқаларини таъминлаш учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида республика ва халқаро кўламда илмий-амалий анжуманлар ташкил этишни топширди. 

“Бундан ташқари, Университетнинг иқтидорли талабалари учун бериладиган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги стипендияни жорий этилади, замонавий технологияларга асосланган илм-фаннинг янги қирраларини тадқиқ этиш учун янги ўқув ва илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил қилинади”, - деб таъкидланади хужжатда.

Эслатиб ўтамизки, VIII-IX асрларда Шарқда яшаб ижод этган улуғ аллома Муҳаммад ал-Хоразмий математика, геометрия, астрономия, тарих, география ва бошқа фанларга доир кўплаб рисолалар ёзган. У “ноль” рақамини ва ўнлик саноқ тизимини ҳамда қутблар координаталарини биринчилардан бўлиб асослаб берган ва амалиётга татбиқ этган. Муҳаммад ал-Хоразмий алгебра фанига ва алгоритмлаштириш назариясига асос солган, илмий маълумот ва трактатларни баён этишнинг аниқ қоидаларини ишлаб чиққан.

Янгилик билан ўртоқлашиш: