Тошкент атрофи бўйлаб темир йўлдан метро поездлари юради

Дата: 15:34, 18-10-2017.

Тошкент. 18 октябр. ЎзТАГ – Тошкент атрофи бўйлаб темир йўлдан метро поездлари юради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Олдинроқ лойиҳалаштирилаётган халқа темир йўлдан электричкалар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилаётган эди.

“Боштранслойиҳа” АЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳага биноан, янги йўналиш узунлиги 52,1 кмни ташкил этади. Улар мавжуд, қурилаётган ва режалаштирилаётган ер ости метрополитени линиялари билан кесишади. Қурилиш муддати тайёргарлик даврини ҳисобга олганда тўрт йилни (2017-2021) ташкил этади. Ер усти метро станцияларининг тахминий сони 35 та. Халқа темир йўлнинг бошланғич қиймати $422,3 млнга тенг”, - дейилади сайт таҳририятининг хабарида.

Таклиф этилаётган ҳалқа метрополитен линияси Яшнобод, Яккасарой, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели туманлари ҳудудидан ўтади.

“Поездлар тўхташ нуқталарига алоҳида ёндашилди. Улар Тошкент автохалқа йўли йўловчилар оқимларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилган. Бунга доир маълумот “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан такдим этилди”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: