Тошкент ҳайвонот боғида илк марта қора оққушлар болалади

Дата: 15:15, 26-01-2017.

Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Тошкент ҳайвонот боғида илк марта қора оққушлар болалади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ҳайвонот боғининг Facebook саҳифасига асосланган ҳолда.

“Янги йилнинг илк кунларида қора оққушлар жуфтлиги полапон очиб, бизни хурсанд қилди. Тошкент ҳайвонот боғи қушлар бўлимида бирин кетин бешта оққушлар дунёга келди”, - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, бу Тошкент ҳайвонот боғида қора оққушларнинг болалаши билан боғлиқ биринчи ҳолатдир. “Ўтган йилда ҳам қора оққушлар тухум қўйган, лекин бола оча олмаган эди”, - деб таъкидланади хабарда.

Шунингдек, Тошкент ҳайвонот боғида корелла қушлари ва олачипор тўтилар ҳамда лама ҳам болалади. Сувда сузувчи баъзи қушлар эса янги уйга ўтишга тайёргарлик кўрмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Тошкент ҳайвонот боғи 1924 йилда Туркистан генерал-губернатори дала ҳовлисининг бир қисмида ташкил этилган.

Ҳозирда Тошкент ҳайвонот боғи 22,7 га майдонни эгаллаган. Унда 3 мингдан зиёд ҳайвон ва 600 турдаги қушлар сақланмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: