Тошкент ҳайвонот боғида илк марта турналар кўпайиша бошлади

Дата: 17:18, 19-07-2016.

Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ – Тошкент ҳайвонот боғида илк марта турналар кўпайиша бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ҳайвонот боғи сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Хабар қилинишича, 2005 йилда Ҳайвонот боғлари ва акванариумлар Евроосиё минтақавий уюшмаси томонидан турналар генофондини сақлаш ва барқарор кўпаювчи ва генетик тўлақонли популяцияларини яратиш мақсадида “Евроосиёда турналарни сақлаб қолиш” халқаро илмий-ишлаб чиқариш дастури ишлаб чиқилган эди.

Дастурга мувофиқ, унинг ижрочиларидан бири бўлган Тошкент ҳайвонот боғига 2009 йилда Кушеват ва Бобрик отли бир жуфт турна топширилган эди. Ёш қушлар кенг вольерга япон тождор турналари ва бошқа қуш турлари билан биргаликда жойлаштирилган эди.

“Турналарнинг ҳудудий ўзига хослиги ва уяга ўрганиш даврида урушқоқлигини ҳисобга олган ҳолда уларга мўлжаллаб алоҳида жой қурилган эди. Натижада турналаримиз уя қуриб, биринчи тухумларини қўйдилар. Жорий йилда қушлар бола очмаганига қарамасдан, тухум қўйилиши факти келажакда янада муваффақиятлироқ натижа олинишига умид беради”, - деб таъкидланади хабарда.

Маълумот ўрнида, оқ турна Россиянинг шимолий туманларида учрайдиган ноёб турна турларидан биридир. Улар йўқолиб кетиш арафасида бўлиб, Россия Федерацияси ва Халқаро табиатни ҳимоя қилиш иттифоқи “Қизил китоби”ига киритилган.

Ҳозирда ушбу қушларнинг сони жуда оз. Улар атига икки жойда учрайди ва тўдалар орасида минглаб километр масофа мавжуд. Қушларнинг Ғарбий популяцияси Обск бўғозига ин қурган. Шарқий популяцияси эса Ёқутистоннинг шимолий туманлари ва Индигирка дарёси ҳавзасини макон тутган. Бу жойларнинг бари совуқ ва бориш қийин бўлган жойлардир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: