Тошкент ҳайвонот боғида ташриф буюрувчиларнинг айби билан тимсоҳ ўлди

Дата: 18:38, 17-11-2016.

Тошкент. 17 ноябр. ЎзТАГ – Тошкент ҳайвонот боғида ташриф буюрувчилар сабабли “Бой” лақабли тимсоҳ ўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) пойтахт ҳайвонот боғи сайтига асосланган ҳолда.

Маълумотда айтилишича, воқеа 10 ноябрда содир бўлган. “У 10 ноябрда ўлди.  Тимсоҳнинг ошқозонидан болалар ўйинчоғи топилди. Текширув жараёнида ҳайвон ўлимига ошқозон қисмида ёт жисмнинг тиқилиб қолиши сабаб бўлгани аниқланди”, - дейилади хабарда.

Хабар берилишича, “Бой” лақабли тимсоҳ Исроилдан 3 йил олдин 120 смлик пайтида келтирилган. Бу вақт мобайнида жонивор маҳаллий шароитга жуда яхши мослашиб, 120 сантиметрдан 2 метрдан зиёдроққа ўсган эди.

Бундан ташқари, ҳайвонот боғи ходимлари жирафнинг охурида 20 смлик темир тўқув симини топдилар.

“2016 йилнинг 7 ноябр куни эрталабги кўрик давомида жирафнинг охурида 20 смлик темир тўқув сими топилди. Агар бу нарса ўз вақтида аниқланмай, хашак билан жонивор ичига тушганида нима бўлар эди? Буларнинг барчаси нимага олиб келарди? Албатта, тузатиб бўлмас бирон кор-хол рўй берарди”, - деб таъкидланди хабарда.

Шундан кейин ҳайвонот боғи маъмурияти ташриф буюрувчиларга ҳайвонлар қафасларига турли нарсаларни ташламасликни сўраб мурожаат қилган.

“Тўсиқлар ичига турли нарсалар ташламанг. Агар шундай ҳолатнинг гувоҳи бўлсангиз, навбатчиларимиз, қўриқчиларимиз ёки боғ маъмуриятига хабар беринг. Бизнинг жониворларимизга ҳақиқий дўст бўлинг”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: