“Тошкент” биржасининг ҳафталик айланмаси 5,9 млрд. сўмни ташкил қилди

Дата: 14:01, 08-02-2018.

Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – 29 январдан 2 февралга қадар “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 8 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 18 та битим қайд қилиниб, 47,3 млн. дона акция сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

РФБ маълумотларига кўра, биржанинг умумий айланмаси 5,9 млрд. сўмни ташкил этди. Кўрсатилган муддатда савдо айланмасининг 99,9 % тижорат банкларининг қимматли қоғозлари ташкил қилди. Энг йирик битим 2 феврал санасида “Asia Alliance Bank” АТБнинг 10,4 млн. дона акцияси билан 2,7 млрд. сўм миқдорида тузилди.

Битимлар сони бўйича етакчиликни “Hamkorbank” АТБ эгаллади. Банк акциялари билан 10 та битим амалга оширилиб, 445 минг дона акциялар (76,9 млн. сўмлик) “Тошкент” РФБ иккиламчи бозорида сотилди.

“Asia Alliance Bank” АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 95,6 %) ҳамда “Ipak Yo'li” АИТБ (4,2 %) ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентлар қаторига кирди. Савдо айланмасининг 99,8 % улар ҳиссасини ташкил этди.

Январда 5,5 млн. қимматли қоғозни сотиш бўйича 70 битимлар тузилиб, 19 эмитентларнинг акциялари билан савдо қилинди.

Фонд биржасида йил бошидан буён 11,3 млрд. сўмлик 77 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 20 та акциядорлик жамиятининг 77,4 млн. дона қимматли қоғозлари сотилган.

$1=8186,95 сўм

Сурат манбаи: http://www.fanabc.com/english/index.php/component/k2/item/1718?Itemid=674

Янгилик билан ўртоқлашиш: