Тошкент Бутунжаҳон Дэниэл Перл мусиқа кунларига қўшилди

Дата: 15:39, 17-10-2017.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Тошкентда Дэниел Перл Бутунжаҳон мусиқа кунига бағишлаб гала-концерт ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу анъанавий сана 15-марта нишонланаётган бўлиб, кишиларнинг мусиқа орқали тинчлик ва бағрикенгликка интилишини ифодалайди.

Концерт Тошкентдаги АҚШ элчихонаси Чилонзор туманида жойлашган эски биносида бўлиб ўтди. Гала-концертда афсонавий Фарруҳ Зокиров ва “Ялла” гуруҳи, Шаҳзода, DJ Piligrim, шунингдек, IWALF Band, Арчи Санденс, Жансет Богдалова ва Жанна Ким каби келажаги порлоқ мусиқий гуруҳ ва ёш санъаткорлар иштирок этган концертга 500 га яқин меҳмон ташриф буюрди. Саҳнада ижодини яқинда бошлаган мазкур санъаткорлар Facebook орқали ўз ижод намуналарини тақдим этган 30 дан зиёд иқтидорли мусиқачилар орасидан саралаб олинди.

“Бугунги тадбирда ҳозир бўлиб турганингиз мусиқанинг сарҳадлар ошиб турли маданият, ирқ ва эътиқодга мансуб халқларни ўзаро бирлаштириш кучига эгалигини намоён этмоқда. Бу концерт уйғунликни ўзида мужассам этар экан, унда ўзбек мусиқасининг ҳақиқий афсонлари билан бир сафда ижод оламига янги қадам қўйган бир неча ёш ўзбек мусиқачилари ҳам америкача ва инглиз тилидаги қўшиқларни эътиборингизга ҳақола этишади”, - деди элчи ўринбосари Лес Вигери.

Эслатиб ўтамизки, Дэниел Перл Бутунжаҳон мусиқа кунлари дунё бўйлаб намойиш этиладиган концертлар тармоғи бўлиб, у бағрикенглик, дўстлик ва инсонийлик ғояларини тарғиб этади. Жаҳон мусиқа кунлари 10 октябрда туғилган журналист ва мусиқачи Дэниел Перл ҳаёти ва фаолиятидан илҳомланиб ташкил этилади.

Дэниел жуғрофий чегара билмаган, хурофотдан холи бир ҳаётни яшаб ўтди. 2002 йили у Жанубий Осиёда мухбир сифатида фаолият юритаётган пайтда Покистондаги террористлар томонидан олиб қочилган ва ўлдирилган, унинг ўлими халқаро ғазабга сабаб бўлган. Шундан буён ҳар йили октябрь ойида мусиқачилар дунё бўйлаб мусиқа ёрдамида “Инсонпарварлик йўлидаги уйғунлик” шиори остида тинчлик ва ўзаро бир-бирини тушунишни тарғиб этиш, зулмга қарши курашиш ва нафратдан холи дунёни барпо этиш мақсадида бирлашадилар.

2002 йилдан бери Дэниел Перл Жаҳон мусиқа кунлари доирасида 140 мамлакатда 14 мингдан ортиқ концерт намойиш этилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: