“Тошкент – Чимкент” автобуси йўловчилари чегарадаги божхона назоратидан навбатдан ташқари ўтадилар

Дата: 16:00, 05-01-2018.

Тошкент. 5 январ. ЎзТАГ – “Тошкент – Чимкент” автобуси йўловчилари чегарадаги божхона назоратидан навбатдан ташқари ўтадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) маҳаллий ОАВга асосланган ҳолда.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги маълумотларига кўра, икки шаҳар ўртасидаги илк автобус рейси 2018 йилнинг 8 январида йўлга чиқади, бугун, 5 январда эса Ўзбекистон делегацияси Қозоғистонга ташриф буюрувчи биринчи рейс қатнови бўлиб ўтади.

Бошланғич маълумотларга кўра, 8 январдан автобуслар ҳар куни 6:00-7:00дан 19:00-20:00гача бир соат оралиқ билан қатнай бошлайди. Мавсумга қараб рейслар вақти ўзгариши мумкин. Йўналига жами 20 барча қулайликларга эга автобуслар чиқади.

Рейслар техник тўхташларсиз – божхона ва чегара пунктидан навбатсиз тартибда ўтказилади. Бу автобус ва йўловчилар ҳамда уларнинг юклари божхона ва чегара пунктидан навбатсиз, пиёда ўтувчилар оқимидан алоҳида тартибда биринчи навбатда ўтказилишини билдиради. 

Автобус ва йўловчилар “Ғишткўприк” (Ўзбекистон) ва “Жибек Жоли” (Қозоғистон) назорат-ўтказув пунктлари орқали ўтади. Йўналишнинг якуний пунктлари “Тошкент” (Ўзбекистон) ва “Чимкент” (Қозоғистон) автовокзаллари бўлади.

Эслатиб ўтамизки, Тошкент – Чимкент ўртасида автобус қатновини йўлга қўйиш ҳақида келишувга 2017 октябрда эришилган эди.

Сурат манбаи: https://otyrar.kz/2013/05/shymkentskij-avtopark-popolnilsya-22-novymi-avtobusami/

Янгилик билан ўртоқлашиш: