Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўзбек-австрия факультети очилди

Дата: 14:58, 24-10-2018.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Тошкент Давлат иқтисодиёт университетида Австрия Амалий фанлар университети (IMC University Krems) билан ҳамкорликда ташкил этилган Ўзбекистондаги биринчи Ўзбекистон-Австрия қўшма факультетининг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистоннинг Австрия Республикасидаги элчихонаси маълумотларига кўра, маросимда иштирок этиш учун Тошкентга университетнинг бош ижрочи профессори Карл Эннсфеллнер бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

2019 йилдан бошлаб қўшма факультетда халқаро иқтисодий муносабатларда ва Ўзбекистонда талаб юқори бўлган “экспортга йўналтирилган бошқарув” мутахассислиги бўйича, шунингдек, туризм ва меҳмонхона бошқаруви йўналишидаги 100 га яқин бакалавр тайёрлашни бошлайди.
Таълим инглиз тилида олиб борилади ва битиргандан сўнг битирувчилар бирданига иккита диплом - ТДИУ ва IMC University Krems дипломи берилади.

Эслатиб ўтамиз, IMC University Krems 1994 йилда хусусий Халқаро бизнес мактаб сифатида ташкил этилган. 2002 йил апрел ойида Австрия ҳукумати ушбу институт мақомини кўтариб, уни Австриянинг Амалий фанлар университети деб ўзгартирди.

Ҳозирда IMC University Krems Австриянинг молиявий жиҳатдан энг яхши таъминланган ва нуфузли университетларидан бири бўлиб, талабаларнинг ўқув жараёнидан қониқиш индекси ва инглиз тилида ўқитиладиган фанлар энг кўп бўйича мамлакатда 1-ўринни эгаллайди. Талабаларнинг ўқиш тугаганидан сўнг иш билан таъминланганлик даражаси – 98%. Университетда 27 та соҳада мутахассислар тайёрлайдиган 3 та институт (бизнес бошқаруви, соғлиқни сақлаш ва биотехнология) мавжуд.

Сурат манбаи: https://theacademicadvisor.com.ua

Янгилик билан ўртоқлашиш: