Тошкент Душанбедан келадиган авиарейсни нега қабул қилмаганлигини тушунтириб берди

Дата: 12:24, 24-02-2017.

Тошкент. 24 феврал. ЎзТАГ – Тошкент Душанбедан келадиган авиарейсни нега қабул қилмаганлигини тушунтириб берди, деб хабар беради Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Душанбедан келадиган “Сомон Эйр” авиакомпанияси авиарейсини қабул қилмаганлигининг сабабларини тушунтириб берди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси матбуот хизмати хабарига кўра, хориж авиакомпаниялари томонидан Ўзбекистонга доимий учишларни амалга ошириш йўриқномасига мувофиқ, МАКга учишлар бошланишидан камида 30 кун олдин зарур хужжатлар тўпламини тақдим этиш зарур.

“2017 йил 10 февралда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси дирекциясида тожик делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда ўзбек авиалиниялари раҳбарияти тожик ҳамкасбларига Ўзбекистонга доимий учишларни амалга ошириш учун зарур хужжатлар тўплами тақдим этди”, - деб таъкидланади МАК хабарида.

 Хабар қилинишича, ҳозирда кўрсатилган хужжатлар тўплами белгиланган тартибга мувофиқ кўриб чиқиш жараёнида.

Шунингдек, яқинда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси”да “Сомон Эйр”нинг ишончли вакили Бахтиёр Алимуродов билан тожик ширкатининг Тошкентга учиши бўйича масалалаларни тушунтириш бўйича учрашув бўлиб ўтгани ҳам айтиб ўтилган.

Эслатиб ўтамизки, Душанбе-Тошкент йўналишидаги илк авиарейс 20 февралда учиши керак эди. Бортида 26 йўловчи бўлган самолёт учишга тайёр эди, аммо учиш амалга ошмади. Тожик томони Тошкент тожик самолётини “хавфсизлик сабабли” қабул қилишдан бош тортди, дея баёнот берди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон авиаҳукумати бунга зарур хужжатларни ўз вақтида етказиб бермаган тожик тарафи айбдорлигини маълум қилди.

“Сомон Эйр” бунга жавобан авиарейс ушбу авиакомпания айби билан учмаганини тан олди ва Тошкентдан кечирим сўради.

Шунингдек, “Сомон Эйр” авиарейснинг амалга ошмаганига сабабчи бўлган авиакомпания тижорат директори Алишер Рустамов ва бошқаларнинг ишдан четлатилганини маълум қилди.

23 февралда “Душанбе халқаро аэропорти” (ДХА) “Сомон Эйр” компаниясининг

“Душанбе-Тошкент” йўналишидаги авиарейси ДХА жадвалига мувофиқ, самолёти Тошкентга қараб 13.00да учишини маълум қилган эди.

Лекин кейинчалик рейс қолдирилгани маълум бўлди ва ҳозирга қадар тожик томони бунинг сабабини изоҳлагани йўқ. “Сомон Эйр” ва мамлакат транспорт вазирлиги ҳам юзага келган вазиятни шарҳлагани йўқ.

Янгилик билан ўртоқлашиш: