Тошкент ИИБ жиноятлар фош этилишининг юқори даражаси ҳақида ҳисобот берди

Дата: 18:31, 30-06-2017.

Тошкент. 30 июн. ЎзТАГ – Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан жорий йил 15 июнидан 29 июнига қадар вилоят ҳудудида қайд этилган 72 жиноятнинг 65 таси тезкор фош этилди. Бу ҳақида пайшанба – жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни доирасидаги брифингда гапирилди, деб хабар беради ЎзТАГ.

Хабар қилинишича, қолган 7 ўғрилик жинояти бўйича айбдорларни топиш ва уларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда. Қидирувда юрган 27 нафар жиноятчи қўлга олиниб, очилмаган 10 жиноят фош этилди. 

Тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинлари, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, содир этилган жиноятлар, суд ва тергов жараёнлари юзасидан маълумот берилди. 

“Ҳафта давомида 15 минг 453 хонадон ўрганилиб, профилактика инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этган 2 минг 557 нафар шахсга нисбатан маъмурий баённомалар тузилди. Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан 2 минг 869 фуқародан биометрик паспорт учун ҳужжат қабул қилиниб, 2 минг 798 фуқарога биометрик паспорт берилди”, - деди вилоят ИИБ тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Мамасолиев.  

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида бир қатор ташкилий ва амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳафта давомида вилоят ҳудудида 22 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 18 нафар шахс турли даражада тан жароҳати олган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган, белгиланган тезликни оширган, чорраҳа ва светофордан ўтиш, одам ташиш ҳамда телефондан фойдаланиш тартибини бузиш каби 2 минг 812 қоидабузарлик аниқланган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: