Тошкент ИИББ аралаш яккакурашлар бўйича жаҳон чемпионининг қўлга олинишига изоҳ берди

Дата: 17:32, 25-06-2018.

Тошкент. 25 июн. ЎзТАГ – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) оғир вазнда аралаш яккакурашлар бўйича жаҳон чемпиони Мурод Хонтўраевнинг қўлга олинишини изоҳлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) муассаса матбуот хизматига таянган ҳолда.

“UzNews.uz” сайтида аралаш яккакурашлар бўйича жаҳон чемпиони Мурод Хонтўраевнинг тан жароҳати етказганлик айби қўйилиши мкуносабати билан қўлга олинишига аниқлик киритамиз. Ушбу фуқаро ва яна бир қатор шахслар 20 июндан 21 июнга ўтар кечаси Юнусобод туманидаги тунги клублардан бирида жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини бузганлик, тартибсизлик қилгани учун ушланган” – дейилади ИИББ хабарида.

Шу муносабат билан, ҳозирда қўлга олинган М. Хонтўраевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) тартибида жиноят иши қўзғатилган. Тергов олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Мурод Хонтўраев – ММС версияси бўйича жаҳон чемпиони, “Осиё айиғи” номи билан танилган. Ҳозирга қадар 11 жанг ўтказган, булардан 8 тасида ғалаба қозонган, шу жумладан, 6 жангда рақибларини нокаут билан енгган.

Сурат манбаи: http://uznews.uz/ru/article/10786

Янгилик билан ўртоқлашиш: