Тошкент ИИББ “Дўмбиробод” қабристонидаги вандаллар ҳақидаги маълумотларни радь этди
Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – Тошкент ИИББ маҳаллий ОАВнинг “Дўмбиробод” қабристонидаги ёдгорликларнинг вандаллар томонидан вайрон қилингани ҳақидаги маълумотларни текширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ушбу холат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида мазкур қабристоннинг 137-сонли картаси ўрганиб чиқилиб, аслида қабрларнинг устига синган дарахт шохлари тушиб, қабр тошларига зарар етканлиги маълум бўлди. Қабристон директори Х.А.Нишонов, ушбу қабристон ишчилари О.C.Нуриддинов ҳамда Р.Д.Шерматовларнинг тушунтиришларига кўра, жорий йилнинг баҳор ойларида юз берган кучли шамоллар натижасида дарахтлар синиб қабр тошлари устига тушиб, уларни синдирган”, - деб таъкидлашди ИИББ матбуот хизматида.
Қабристон майдони катта бўлганлиги сабабли ишчилар барча ерларни тозалашга ҳамда таъмирлашга улгурмаганликлар. Ҳозирги кунда тозалаш ишлари олиб борилмоқда, ободонлаштириш ишлари якунига етгандан сўнг синган қабр ёдгорлик тошларини тикланиши режалаштирилади.