Тошкент ИИББ ички ишлар органларига ишга киришга 37 номзодлар диктантдан қониқарсиз баҳо олди
Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – Тошкент ИИББ ички ишлар органларига ишга киришга 37 номзодлар диктантдан қониқарсиз баҳо олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Жорий йилнинг 6 сентябр куни Тошкент шаҳар ИИББ Кадрлар бошқармасига бевосита бўйсунувчи Касбий тайёргарлик марказида Тошкент шаҳар ички ишлар органларида хизмат қилиш истагида бўлиб, мурожаат қилган 68 нафар номзодлардан Олий ва ўрта таълим вазирлигининг мутахассис (коллеж) ўқитувчилари иштирокида навбатдаги диктант ёзма иши қабул қилинди”, - дейилади ИИББ матбуот хизмати хабарида.
Таъкидланишича, диктант ёзма иш якунига кўра, 2 нафар номзодлар 5 (аъло), 8 нафар номзодлар 4 (яхши), 21 нафар номзодлар 3 (қониқарли) ва 37 нафар номзодлар 2 (қониқарсиз) баҳо олганлар.
“Қониқарсиз баҳоланганлардан ташқари ижобий ўтган 31 нафар номзодлар дастлабки танловнинг кейинги босқичига ўтдилар, яъни психологик тест синовларини топширишларига рухсат берилди”, - дейилади хабарда.


