Тошкент ИИББ қиз боланинг метро рельсларига тушиб кетганига изоҳ берди
Тошкент. 19 декабр. ЎзТАГ – Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) қиз боланинг Алишер Навоий метро станцияси рельсларига тушиб кетганига изоҳ берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ижтимоий тармоқларда Алишер Навоий номидаги метро бекатида метрополитен рельсларига йиқилган қиз акс этган видеотасвир тарқалиб кетди. Ушбу ҳодиса жорий йилнинг 29 июлида содир бўлган. 20 ёшли Гулбаҳор Б. ҳушини йўқотиб яқинлашиб келаётган электропоезд состави қаршисида рельсларга йиқилган. Электропоезд машинисти шу заҳотиёқ фавқулодда тўхтатиш чорасини кўрганлиги боис фожеанинг олди олинган”, - дейилади Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматининг хабарида.
Яна маълум қилинишича, рельсларга йиқилган қизнинг фақатгина баъзи жойлари тимдаланган холос.
“Сизлардан бу каби видеотасвирларни тарқатишдан олдин улардаги маълумотларни текширишни сўраймиз. Масалан, юқоридаги видео интернет-манбаларида қуйидаги каби изоҳ билан тарқади: “Шошилинч хабар: Алишер Навоий номидаги метро бекатида қиз бола поезд тагига йиқилди”, “Ҳозиргина Алишер Навоий номидаги метро бекатида қиз бола ўзини поезд тагига ташлади”. Бу чоп этилаётган ахборотни ўзгартириш дейилади. Бу каби ҳаракатларингиз билан сиз ўқувчиларни янглиштирасиз”, - деб мурожаат қилади ИИББ ОАВ вакилларига.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 7 моддасига мувофиқ, ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади, оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар, деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: https://mix.tn.kz