Тошкент ИИББ ХХРнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида АКТдан фойдаланиш бўйича тажрибасини ўрганмоқда
Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) Хитой Халқ Республикасининг (ХХР) ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича тажрибасини ўрганмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) пойтахт ИИББ матбуот хизматига таянган ҳолда.
Бунинг учун Ички ишлар вазири ўринбосари - Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Рустам Жўраев бошлиқ Ўзбекистон делегацияси ХХРга ташриф буюрди.
Таъкидланишча, ташрифдан кўзланган асосий мақсад ушбу мамлакатда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалиётга жорий қилинган технологиялар билан яқиндан танишишдан иборат.
“Ташриф доирасида Сужоу ва Шенчжен шаҳарларидаги полиция маҳкамаси марказларида жорий этилган “Хавфсиз шаҳар” дастури билан танишиш ҳам ўрин олган. Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси “Huawei” компаниясининг шаҳарсозлик, ҳудудларни ободонлаштириш каби соҳалардаги инновацион ечимлари ҳамда “Ақлли шаҳар” концепсияси доирасида уй-жой коммунал тизимига мўлжалланган коммуникация технологиялари билан яқиндан танишиш кўзда тутилган”, - дейилади ИИББ хабарида.
Сурат манбаи: http://www.ziarelive.ro/despre/florentin-iancu.html