Тошкент ИИББ мусулмонларнинг уйларида тинтувларга доир хабарлар ҳақида тушунтириш берди
Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – 27 ноябрда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасида мусулмонларнинг уйларида тинтувларга доир миш-мишларга доир хабарлар ҳақида брифинг ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Брифингда оммавий ахборот воситалари вакилларининг жорий йилнинг 16-21 ноябрь кунлари “Facebook” ва бошқа ижтимоий тармоқларда мақолалар чоп этилиб, уларда ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида яшовчи диндор фуқароларнинг уйлари тинтув қилиниб, ушбу фуқаролардан 2009 йилдан буён қидирувда бўлган Тохтаходжаева Гузал Авазовнанинг яширинаётган жойини сўраганликлари, шундан 80 нафар шахсларни туман ички ишлар бошқармаларига олиб бориб, ушлаб турганликлари, уларнинг 7 нафарини эса ҳибсга олганликлари ҳолати юзасидан берган саволларига тушунтириш бериб ўтилди”, - дейилади ИИББ матбуот хизмати хабарида.
Жумладан, деб таъкидланади шундан сўнг, фуқаро 1986 йилда туғилган, Тохтаходжаева Гузал Авазовна, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159 ва 244-2 моддаларида кўрсатиб ўтилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун унга нисбатан 2009 йилда Учтепа туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан қидирув эълон қилинганлиги, ҳозирда Г.А.Тохтаходжаевани ушлаш мақсадида, унинг қидирувда эканлиги, қаерда яшириниб келаётганлигини билиши ҳамда у билан алоқада бўлиши мумкин бўлган, бироқ бу ҳақда ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга мурожаат қилмаган шахслар билан суриштирув ишлари ўтазилаётганлиги маълум қилинди.
Шунингдек, ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларидан истиқомат қилувчи фуқаролар билан Г.А.Тохтаходжаеванинг қаерда эканлиги аниқлашга қаратилган суриштирув ишлари ўтказилмаганлиги билдириб ўтилди.