Тошкент илк марта Марказий Осиё савдо форумини қабул қилади

Дата: 17:33, 14-09-2018.

Тошкент. 14 сентябр. ЎзТАГ – 17-18 октябрда Тошкент илк марта Марказий Осиё савдо форумини қабул қилади. Тадбир АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги кўмагида ташкил қилинмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташкилотчиларнинг маълум қилишларича, ҳар йили ўтказиладиган форум саккизинчи марта ўтказилмоқда. Форум бизнес жамиятига истиқболда 70 млндан ортиқ мижоз мавжуд бўлган Марказий Осиёнинг ривожланаётган бозорларидаги янги имкониятлар билан танишишга ёрдам беради.

Бу йилги форум мавзуси “Савдо ва инвестицияларни ривожлантиришда янги истиқболлар” бўлиб, Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро савдо учун очилиб бораётганини акс эттиради. Мамлакатдан валюта бозорини либераллаштириш, бизнес соҳадаги ислоҳотлар каби иқтисодий ўсиш суръатларини тезлаштиришга қаратилган қатор чоралар кўрилмоқда.

Форум билан бир пайтда савдо кўргазмаси ҳам бўлиб ўтиб, унда бутун минтақадаги турли тармоқлар, жумладан, транспорт, туризм, ахборот технологиялари, асбоб-ускуна ишлаб чиқариш, мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш каби тармоқларга мансуб корхоналар тақдим этилади.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йили Олмаотада бўлиб ўтган форум 18 мамлакатдан 1100дан ортиқ қатнашчиларни ўзида бирлаштирган эди. Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида 2011 йилда ўтказилган биринчи форумда эса Осиё, АҚШ, Европа ва Яқин Шарқдан келган корхоналар раҳбарлари, давлат арбоблари ва экспертлар ғоялар алмашиш, шартномалар тузиш ва келажакдаги ҳамкорлик учун янги шерикчилик яратиш мақсадида фойдаланишди.

Сурат манбаи: из https://eadaily.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: